Фуқароларнинг муаммо ва камчиликлари ӯрганилмоқда
2020-06-07 13:49:15 167
Фуқароларнинг муаммо ва камчиликлари ӯрганилмоқда
Бугун “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак” деган ҳаётий тамойил ҳаётимизга тобора чуқурроқ сингиб бормоқда. Асосий масала – халқимиз ичига кириб бориб, уларга муносиб турмуш шароитини яратиб беришдан иборат.
Шу муносабат билан, Сух туманида аҳоли орасидаги ижтимоий муаммоларни ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этишга кўмаклашиш бўйича секторлар кесимида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан фуқароларнинг қабули ўтказилмоқда. Ишчи гуруҳ таркибида бевосита секторлар раҳбарлари, сектор раҳбарининг ўринбосарлари ва Республикадан ташриф буюрган мутасадди идораларнинг масъул вакиллари аҳолини қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаш, уларни ечилишига кӯмаклашиш мақсадида фаолият олиб боришмоқдалар.
-“Мен ташкил этилаётган бундай қабуллардан миннатдорман. Чунки мурожаатимни ишчи гурӯҳ аъзолари ерда қолдиришмади. Куни кеча кучли шамол туфайли уйимиз том қисмининг ярми яроқсиз бӯлиб қолди. Уни ёпиш учун албатта, шифер керак ва шифер олиш учун табиийки, маблағ лозим. Раҳмат, ишчи гуруҳ аъзоларига менга шу масалада яқиндан ёрдам беришди. Комиссия кумагида уйимизнинг том қисмини янги шиферлар билан ёпдик”, - дейди Шарқобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ғуломжон Нуралиев. Албатта, бундай мисолларни кӯплаб келтиришимиз мумкин. Ишчи гуруҳ аъзоси туман “Ермулккадастр” идораси ходими Рустам Воҳидовнинг маълумотига кӯра, бугун яна битта кам таъминланган оилага ун ва ёғ маҳсулоти, учта оилага суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда туманимизда яшовчи фуқароларни қийнаётган муаммолар оз эмас. Уларни ечими барча мутасадди раҳбарлардан катта масъулият талаб этиши табиий ҳол.
Баъзи бир муаммо-камчиликлар туман миқёсида ҳал этилса, бошқа бир муаммоларнинг ечими эса, вилоят даражасида ечиладиган муаммолар сирасига киради. Шундай муаммолар ҳам борки, уларнинг ечими бевосита давлат ва ҳукумат ваколати доирасида ҳал этилиши мумкин.
Сух тумани аҳолисини қийнаётган энг асосий ва азалий муаммо – бу Сух – Риштон йӯли муаммоси саналади. Аксарият Сухликларнинг фикрича, агар шу йӯл муаммоси ӯз ечимини топса, қолган бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар ӯз-ӯзидан ечилиб кетаверади. Чунки туманда туризмни, тадбиркорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар киритилиши бӯйича зӯр имконият ва шароитлар бор.
“Мен Сухнинг энг чекка – Қалъача қишлоғида яшайман. Илгари биз бозор-учар қилиш учун туманимиз марказига бориб юрмасдик, негаки, Риштон шаҳрига бориб келиш биз учун ӯнгроқ, чунки масофа жуда яқин эди. Лекин мана бир неча йилдирки, ушбу масала муаммолигича қолмоқда. Бу муаммони туман ё вилоят раҳбарлари еча олмасликларикларини ҳам жуда яхши биламиз. Шунинг учун, Республикадан келган мутасадди раҳбарладан илтимосимиз шу – Сух – Риштон йӯлини очиш масаласини мӯҳтарам Юртбошимизга етказсинлар. Биз Президентимизга ишонамиз, чунки мӯҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев халқимиз турмуш фаровонлиги йӯлида кӯп арзирли, асрга татигулик ишларни амалга оширдилар. Агар шу муаммо ҳам ечилса, биздан-да бахтли инсон йӯқ деб уйлайман” – дейди Қалъачалик онахон Боғинисо Раҳмонова.
Бу муаммони ҳал этиш бӯйича қӯшни Қирғизистон Республикаси билан икки томонлама ҳукуматлараро комиссия тузилиб, бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ҳозирда келишолмаган ҳудудлар бӯйича музокаралар олиб борилмоқда.
Ӯз навбатида туман миқёсидаги секторлар кесимидаги учрашув ва фуқароларни қабул қилиш натижаларини таҳлил қиладиган бӯлсак, бир кунда жами бӯлиб, 11 та маҳалла фуқаролар йиғинида 745 та хонадонлар ӯрганилиб, 121 та ижтимоий муаммолар аниқланди. Муаммоларнинг асосий қисмини тадбиркорликни ривожлантириш учун банк кредитлари ажратиб бериш, иш жойи билан таъминлаш, фуқаролик олиш, ичимлик суви билан таъминлаш масалалари ташкил этади.
3
Ушбу муаммоларнинг деярли ярми ишчи гурӯҳлар аъзолари томонидан ӯрганиш жараёнида шу жойнинг ӯзида ҳал этилиши таъминланди. Қолган ижтимоий муаммоларни қисқа муддат ичида ҳал этиш юзасидан мутасадди идора вакиллари томонидан аниқ, манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Зотан, умидлари ишончга айланиб қолишини истаган фуқароларнинг ҳар бир мурожаати эътибор марказида эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Зеро ҳар бир мурожаат замирида фуқароларимизнинг манфаати мужассам.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати