СЎХЛИКЛАРГА ҒАМХЎРЛИК
2020-05-28 13:49:51 214
СЎХЛИКЛАРГА ҒАМХЎРЛИК
Мана икки ярим ойдирки аср вабоси - коронавирус туфайли жаҳон аҳли карантин ҳолда яшаб келмоқда. Мамлакатимизда олиб борилган ва олиб борилаётган тезкор чора-тадбирлар туфайли бу пандемия олди олинмоқда ва касалликка чалинганлар шифокорларнинг сай-ҳаракатлари туфайли соғаймоқдалар. Бунда мамлакат хавфсизлик чораларини кӯрмоқда. Президент ва ҳукумат ҳар бир фуқарони турмуш тарзи, соғлиги, яшаш шароити билан танишиб, моддий, маънавий ва бепул тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Шу оғир ва синовли кунларда халқимизнинг саховатпеша кишилари қӯлларидан келганча кўмак бермоқда. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг қулоч ёйди.
Сўх туманида ҳам ушбу оғир шароитдан чиқиш учун қатор амалий ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Мамлакат Президенти ва ҳукуматимиз назаридан четда қолмаган Сўх халқи коронавирусдан холи ҳудудга айланди. Бу ҳаммаси ўз вақтида курилган чора тадбирлар ва карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш туфайли эканлиги сир эмас.
Тӯрт томони Қирғизистон билан ўраб олинган анклав Сўхдан 200 дан ортиқ фуқаролар ҳар хил сабаблар билан вилоят марказига келиб, карантин туфайли қолиб кетдилар. Вилоят ҳокими Ш. Ғаниевнинг бевосита эътибори ва ғамхўрлиги туфайли карантинда қолган Сўхликларга зарур шарт-шароит яратиб берилди. “Вақф” хайрия фондининг вилоят филиали томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминландилар. Вилоят ҳокими топшириғи билан 132 нафар сўхликлар “Зилол” санаториясига жойлаштирилди. 3 маҳал овқат ва мунтазам тиббий назорат остида дам олмоқдалар.
- “Мусофирлик осон эмас”, - дейди Д. Давронов. – “Лекин доимий ғамхўрликдамиз. Бунинг учун вилоят ҳокимидан, саховатли кишилардан миннатдормиз”.
- “Ҳақиқатдан ҳам икки ярим ой давомида халқимизнинг меҳр-оқибатлилигини, хайру саховатпешалигини кўриб, лол қолдик,” - дейди ўқитувчи Баҳобжон Максимов. – “Биз санаториянинг табиблари Ёқубжон Латипов, Муҳаммадалй Ниёзиддинов, Маъруфчон Аҳмадалиев, ҳамширалар Кумушхон Нурматоваю Дилфуза Баҳромовалардан миннатдормиз. Уларнинг меҳрубонликлари, хушмуомалаликларидан карантинни ҳам эсдан чиқардик, соғ бўлсинлар”. Санатория бош ҳакими Ёқубжон Латиповнинг таъкидлашича, 76 нафар врач ва ҳамширалар сўхликлар хизматида бўладилар.
Вилоят ҳокими Ш. Ғаниевнинг кўрсатмасига асосан 15 нафар сўхликлар вилоят кардиология марказига жойлаштирилди. Марказ бош ҳакими Илҳом Маллаевнинг хизматлари алоҳида мақтовга лойиқ. Шунингдек, Р. Амиршоев, О. Аҳмаджоновлар ҳам марказ шифокорлари Б. Жумаев, Н. Исоев, М. Эранов, С. Умаралиева, М. Мирзораҳимов, ҳамширалар Н. Умарова, М. Тўхтасинова, Р. Мамадалиева, М. Исомова, Ш. Исомовалар ҳақида илиқ сўз айтдилар. Уларнинг хизматларидан миннатдор эканликларини билдирдилар.
Фарғонадан ташкил этилган махсус штаб аъзолари Ф. Жўраев, Б. Латипов, Н. Амиршоев, Т. Абдуллоев, М. Мирзоев, С. Охоновлар барча карантинда қолган сўхликларни аниқлаб, руйхатга олиб, моддий-маънавий ёрдамларни ўз эгаларига етказишда садоқат билан хизмат қилдилар.
Ҳа, икки ярим ойдан буён оиламиздан, ёр-биродар, қон-қариндошларимиз ва яшаш жойимиз – жаннатмакон Сўх воҳасидан узоқда саховатли, бағри кенг инсонлар бағрида яшаяпмиз. Давлатимиз, вилоят раҳбарларимиз ҳимояси ва назоратида бўлиб, ҳамиша дуодамиз. Парвардигор бу оғир синовли кунларни ҳам дафъ этишдан, яна яхши кунлар келишидан ва ҳаётимиз ўз изига тушишдан умидвормиз.
Содиқжон ТОҲИРОВ – “Садои Сух" рӯзномаси
бош муҳаррири, Фарғона шаҳри