Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 4 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Оила жамият ва давлат ҳимоясида

×

 2020-05-15 17:52:27    389

PDF юклаш
Чоп этиш


Оила жамият ва давлат ҳимоясида

         2018 йил 27 июн куни  Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди. Ҳужжатга мувофиқ, қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш бўйича асосий йўналишлар этиб белгиланди: Оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш;

         Замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш;

Демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш;

         Оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш;

         Оилаларга таъсирчан методик, консултатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш.

         Қарор билан Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

         «Оила» маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва кенг жамоатчиликнинг Халқаро оила кунини республиканинг барча ҳудудларида ҳар йили нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. «Оила» марказига республикада 2019 йилда ва кейинги йилларда Халқаро оила кунини нишонлаш тўғрисидаги ҳукумат фармойиши лойиҳасини киритиш топширилди.

Бой илмий-маданий меросимиз, қадимий урф-одат ҳамда анъаналаримиздан аёнки, ҳар қандай замон ва маконда ҳам оила биз учун муқаддас қадрият саналган. Бинобарин, тарбиявий, маънавий-маърифий, руҳий-ахлоқий, иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлик ҳисобланмиш оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этишини аждодларимиз жуда яхши англашган.

Шу боис ота-боболаримиз оилага жуда катта эътибор билан қарашган. Буюк алломаларимиз Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Югнакий, Кайковусдан тортиб Беруний, Ибн Сино, Форобий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек ва бошқаларгача ўз асарларида оилавий масалалар, хусусан, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, бола тарбиясида ота-она, бобо-бувининг ўрни, комил ва ватанпарвар шахсни етиштиришда бу муҳим ижтимоий институтнинг ролига алоҳида ёндашиб, ибратли ҳикоятлар, ривоятлар, фарзандларга мактублар, ҳикматли сўзлар, шеърий сатрлар орқали панд-насиҳатлар, ҳаётий хулосалар ёзиб қолдирганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори Абдурашидхонов каби маърифатпарварларимиз ҳам одоб-ахлоқи гўзал, жисмонан ва маънан етук авлодни тарбиялашнинг ягона йўли — барқарор оила қуриш эканини, оилани мустаҳкамламасдан давлат ва жамият тараққиётига эришиб бўлмаслигини таъкидлашган.

Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврига келиб ҳам Ўзбекистон ўз истиқболи ва келажагини оилани ривожлантириш, уни эъзозлашда, деб билаётгани юқоридаги анъанавий қадриятларимизни янада бойитган ҳолда замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан миллий ҳамда маънавий қадриятларимиз асосида ушбу соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган, эътибордан четда қолиб келган муаммолар ечими юзасидан тегишли давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари олдига энг муҳим ва долзарб вазифалар қўйилди. Мазкур Фармонга биноан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази оила институти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи тизим сифатида ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаси давлат ва жамоат ташкилотлари, парламент, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини Ўзбекистон оилаларини мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлаштириш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб бориш, мамлакатда фақат соғлом оила — соғлом жамият устуни бўла олишини аҳоли онгига сингдириш, илмий-инновацион тадқиқотларни амалга ошириш орқали оила институтини мустаҳкамлаш этиб белгилангани мамлакатимизда бу борада мутлақо янги босқичдаги саъй-ҳаракатлар бошланганидан далолат беради.

         Ўз навбатида, умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни таҳлил қилиш асосида замонавий, намунали оила мезонларини белгилаш ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш масалаларига комплекс ёндашиш фаолиятимизда устувор аҳамият касб этмоқда.

         Хусусан, оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, жамиятда энг ибратли оилавий анъаналарни сақлаб қолиш ҳамда тарғибот қилиш масалалари бўйича ҳудудларда қатор фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб борилаётир. Мисол учун, замонавий муваффақиятли оила мезонлари қандай бўлиши керак, деган мавзуда республикамизнинг турли вилоятларида 800 дан ортиқ оилаларда ижтимоий сўровлар ўтказилиб, якуний натижалар бўйича замонавий оиланинг модели ишлаб чиқилди. Тадқиқот ўтказилган оилалар вакилларининг фикрларига кўра, оиладаги соғлом ва барқарор, осойишта психологик муҳит; юксак маънавий-ахлоқий тарбия; етарли даражадаги иқтисодий ва маиший шароитлар; оила аъзоларининг таълим йўналишида олий маълумотлилик даражаси; сиҳат-саломатликка алоҳида эътибор қаратиш замонавий намунали оиланинг асосий мезонлари қаторига киради.

Республикамизнинг учта вилоятида олиб борган тадқиқотларимиздан маълум бўлдики, оилалар барбод бўлишига қуйидаги омиллар асосий сабаб бўлмоқда:

         Психологик омил — оиладаги оғир психологик муҳит, ўзаро тушунишнинг йўқлиги, оиладаги доимий низолар, ота-оналарнинг ёш эр-хотин ҳаётига аралашишлари, ёш эр-хотинларни бегоналаштириб қўйиш, бир-бирига бефарқлик;

         Ижтимоий омил — ичкиликбозлик, фарзандсизлик, эр ёки хотиннинг саломатлиги яхши эмаслиги;

         Маънавий-ахлоқий омил — эр-хотиндан бирининг узоқ вақт давомидаги никоҳдан ташқари алоқалари;

         Иқтисодий омил — тураржой шароитларининг қониқарли эмаслиги, моддий етишмовчилик, ишсизлик, эрнинг оилани таъминламаслиги, меҳнат мигранти сифатида чет элга кетган эр-хотиндан бирининг оиласи билан алоқаси узилгани, қарзларни узолмаслик бўлиб ўтмоқда.

Ҳозирги кунда эса бутун республика бўйлаб маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари ўқувлари изчил давом эттирилмоқда.

         Оила институти соҳасида марказимиз бир қатор давлат ва нодавлат, халқаро ташкилотлар билан ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда. Айни пайтга қадар 20 дан ортиқ ташкилотлар билан Меморандум имзоланиб, фаол ҳамкорлик ўрнатилди.

         Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Президентимиз қарори билан Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани ҳам юртимизда оилалар фаровонлиги учун давлат ҳамда жамият астойдил қайғураётганининг ҳаётий ифодаси бўлди.

         Ушбу Концепцияни амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги ҳар бир оиланинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, оилавий муносабатлар мувозанатини таъминлаш, оила фаровонлигини ошириш, мухтасар айтганда, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда, давлатимизнинг изчил ва барқарор тараққиётига эришишдир. Ниятимиз, ҳар бир оила маънавий соғлом, бахтли ва хотиржам ҳаёт кечирсин. Оила бағрида улғаяётган фарзандлар комил инсон сифатида вояга етиб, давлатимизнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшаверсин. Зеро, оила жамиятнинг асосий бўғини экан, унинг мустаҳкам бўлиши, фаровонлиги давлатимиз ва жамиятимиз равнақига хизмат қилиши, шубҳасиздир.

 

                   Б. Эназаров  - Сўх туман адлия бўлими 

                                               бош маслаҳатчиси