Фуқароларга субсидия асосида ихчам иссиқхоналар етказиб берилаяпти
2020-05-11 16:28:23 190
Фуқароларга субсидия асосида ихчам иссиқхоналар етказиб берилаяпти
Сух туманида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш доирасида ҳам арзирли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун Тул маҳалласидаги яна битта хонадонга субсидия асосида иссиқхона етказиб берилди.
Тул маҳалла фуқаролар йиғини раиси Каримжон Жўраевнинг маълумотига кўра, маҳаллада 35 та кам таъминланган хонадонлар рўйихатга олинган бўлиб, бу оилалар сектор раҳбари томонидан доимий эътиборга олинган. Барча хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари етказиб берилган бўлиб, эндиликда бутун эътибор айни пайтда ишсиз бӯлган, ишга лаёқатли кам таъминланган оила аъзолари бандлигини таъминлашга қаратилган. Туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Равшан Жонизоқовнинг маълумотига кўра, рўйихатга олинган оилаларнинг аксариятига субсидия асосида иссиқхоналар тарқатиб берилади. Бунинг учун, хонадон соҳиби номида кадастр ҳужжати расмийлаштирилгани ва оила соҳибининг ўзи ишсиз мақомида бўлиши лозим. “Шу кунгача туманнинг барча секторлар кесимида кам таъминланган ва ижтимоий кўмакка мўҳтож оилаларнинг 32 тасига шундай иссиқхоналар етказиб бердик. Берилган ихчам иссиқхоналарнинг умумий қиймати 71 360 000 сӯмни ташкил этади. Биринчи сектор ҳудудида эса, 5 нафар фуқаронинг уйида шундай ихчам иссиқхона пайдо бўлди” – дейди Равшан Жонизоқов.
Бугун Тул маҳаласидаги Муродали Ашуров хонадонига ташриф буюриб, туман ҳокими ва маҳалла вакиллари иштирокида иссиқхона топширилди. Тақдимот жараёнида қатнашган Ўзбекистон Республикаси Халқ қабулхонаси Сух тумани бўлим мудири М. Ботировнинг сўзларига кўра, бундай эзгу амал ва хайрли ишлар мунтазам давом эттирилади. Мақсад – халқ розилигига эришишдан иборат. “Энг аввало, Президентимизга минг раҳмат, биздек оилаларга эътибор бераётгани учун, берилган бу совғадан унумли фойданишга чин дилдан ҳаракат қиламиз” – дейди хонадон эгалари. Шунингдек, оиланинг табиий газ таъминотида муаммоси борлиги аниқланди ва бу муаммони ечилишида амалий ёрдам кўрсатилиши таъкидлаб ўтилди.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, рўзаи рамазон кунларида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам кўрстиш савобли иш саналади. Бугун тўрт нафар эҳтиёжманд фуқароларга саховатманд ҳомийларнинг моддий кўмаги – пул маблағлари тақдим этилди. Албатта, бундай эътибор ва рағбат замирида инсон омили мужассамлиги бизни қувонтиради.
Лекин шуни ҳам унутмаслигимиз лозимки, бугун ҳар бир инсон ӯзи учун, оила аъзолари учун, ҳаёт учун ҳаракат қилиши ва интилиши даркор. Зотан, ҳаракат бараканинг асосий омили саналади. Фуқароларга берилаётган беғараз бир марталик пул ёрдами вақтинча муаммо ечилишида кӯмак бӯлиши мумкин, лекин муаммолар гирдобидан бу усул уларни қутқара олмайди. Фуқароларга беғараз бир марталик пул маблағларини топшириш самарасиз эканлигини барчамиз теран англашимиз лозим. Бу жараён бевосита иқтисодиётга ҳам ӯзининг салбий таъсирини кӯрсатиши табиий ҳол. Албатта, пул маблағлари орқали кӯмак беришнинг ӯзига хос тартиб-қоидалари бор. Банкдан олинадиган кредитлар бунга ёрқин мисол бӯла олади. Кредит туфайли қарз олувчининг фоизи ҳисобидан давлат хазинасига пул тушади, пул маблағлари айланиб, иқтисодиётнинг барқарор ӯсишига омил бӯлади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозимки, берилаётган бир марталик беғараз пул маблағлари ижтмоий ёрдамга муҳтож бӯлмаган оилаларга ҳам йӯналтирилмоқда. Бу эса, инсонда дангасалик, лоқайдлик, бефрақлик каби хислатлар пайдо бӯлишига замин яратади. Иқтисодий томондан таҳлил қиладиган бӯлсак, бу чора бюджет тақчиллигининг ошиши ва инфляциянинг ошиб боришига сабаб бӯла олади.
Шу ӯринда, Президентимизнинг айтган сӯзлари ёдга келаверади – “Биз одамларимизга балиқ эмас, қармоқ беришимиз лозим”. Чунки балиқ бериш – бу муфт даромад, қармоқ эса, меҳнат қилиш ва ҳаракат демакдир. Берилган балиқни бир зумда истеъмол қилиш мумкин, лекин меҳнат қилиб, тутган балиқнинг таъми ҳам, маззаси ҳам ӯзгача бӯлади. Қисқача қилиб айтганда, меҳнат ила топган даромад татийди, баракотли бӯлади.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати