ТОМОРҚА – ХАЗИНА
2020-05-09 19:06:26 78
ТОМОРҚА – ХАЗИНА
Янгиариқ маҳалла фуқаролар йиғини Сух туман марказига туташ ҳудудда жойлашган булиб, аҳолиси асосан боғдорчилик ва тадбиркорлик билан шуғулланади. Эътиборли жиҳати шунаки, мазкур қишлоқда иссиқхоналар бунёд этиш, плёнка остида турли кўкатларни етиштириш каби эзгу ишларга катта эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ аҳли “Олма пиш, оғзимга туш” деган билан иш битмайди деб, ўз томорқаларидан унумли фойдаланиб, ундан олган даромад ҳисобига ҳам рўзгорларини тебратиб, ҳам туман бозорларида нарх навонинг муътадиллигини таъминлашда ўз ҳиссаларини қушиб келмоқдалар.
Янгиариқда барча ёшу қари Ҳамроали Ҳасановни меҳнаткаш ва саховатпеша тадбиркор сифатида яхши танишади. Маҳаллада биринчилардан бӯлиб иссиқхона бунёд этган тадбиркорлардан саналади Ҳамроали-ака. “Ҳавас қилиб, ҳовлимнинг бир бурчагига иссиқхона барпо этган эдим. Салкам беш йилдан бери оиламизнинг асосий даромади шу соҳадан. Бу йили шу кунгача иссиқхонада етиштирилган маҳсулотлардан 50 миллион сӯм даромад олдик. Фарзандларим менга ёрдамчи. Айтганларича бор экан: ҳаракат қилсангиз, албатта, натижасини кӯрар экансиз” – дейди биз билан сӯҳбатда тадбиркор.
“Иссиқхонамизда етиштирилган турли хил полиз маҳсулотлари кӯчатини ӯзимизнинг бозорда сотдик. Мижозларимиз бор, ӯзлари келиб, келишилган нархларда тайёр маҳсулотни олиб кетишади. Бир йилда кӯчатдан ташқари икки маротаба ҳосил оламиз. Иссиқхонамизни кенгайтириш ниятимиз бор, агар туман ҳокимлиги ер ажратишда бизга амалий ёрдам беришса, яхши бӯлар эди. Бу борада туман ҳокими ва сектор раҳбарига ҳам мурожаат қилган эдик” – дея бизга юзланишди тадбиркорнинг фарзандлари Полвонжон ва Фирдавсжон Ҳасановлар. Ёшлар аллақачон иссиқхона ишида ӯзига хос маҳоратга эга бӯлишган. Кӯчатни қайси ойда экиш керак, сабзавоталардан ҳосил олиш учун қайси вақт ҳаракат бошлаш лозим – ҳаммаси режа асосида олиб борилади. Шунинг учун, мӯъжазгина 4 сотихли иссиқхонадан йилда 3 маротаба ҳосил олинади. Бунинг ҳаммаси меҳнат ва ҳаракатнинг самарасидир.
Коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган карантин даврида туман аҳли кӯкат ва полиз маҳсулотларини қадрига иккичандон етадиган бӯлишди. Чунки бу маҳсулотлар фақатгина вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларидан олиб келинарди. Шунинг учун, туманнинг барча ҳудудларида томорқадан самарали фойдаланиш бӯйича тарғибот-ташвиқот ишлари авж олган. Дарҳақиқат, ҳамма гап инсоннинг истагига, омилкорлигига вобаста. Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Ерни боқсанг у сени боқади деган гапни доноларимиз бежизга айтмаган. Шу сабаб Сух туманида бир маҳалла бир маҳсулот шиори остида томорқани даромад манбаига айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лоиқ десак, асло хато бӯлмайди.
Сух тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати