Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 15 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ФАРҒОНА ВА БАТКЕН ВИЛОЯТЛАРИ ФАОЛЛАРИНИНГ МУРОЖAАТИ

×

 2020-05-07 17:59:42    96

PDF юклаш
Чоп этиш


ФАРҒОНА ВА БАТКЕН ВИЛОЯТЛАРИ ФАОЛЛАРИНИНГ МУРОЖAАТИ

         Барчамизга яхши маълумки, ўзбек ва қирғиз халқи асрлар мобайнида абадий ҳаёт тимсоли бўлган дарахт шохларидек қўни-қўшни, қон-қардош бўлиб умргузаронлик қилиб келмоқда.

         Миллий қадрият ва анъаналари, диний эътиқоди ўзаро муштарак, бозори ва мозори бир бўлган халқларимизнинг турмуш тарзи узукка қўйилган кўздек бир-бирига жуда мос тушади. Яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам елкадош бўлиб, бирда шодумон, бирда қайғули тақдир синовларидан мардонавор ўтиб келаётган икки халқ ҳар доим ишончли дўст сифатида бир-бири учун азиз ва қадрлидир.

         Мамлакатларимиз тараққиётининг бугунги босқичида муҳтарам Президентларимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда Сооранбай Жээнбековнинг эзгу ташаббуслари, сиёсий иродаси, икки дўст халқнинг асрий анъаналарига садоқати туфайли олий даражадаги учрашувлар доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги ўзаро ишонч-ли, ҳамфикрлик тамойилларига асосланган дўстона муносабатлар жадал ривожланяпти. Давлатларимиз раҳбарларининг ташқи сиёсат борасида, энг аввало, қўшнилар, хусусан, Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани барчамизни беҳад мамнун этади.

         Айни кунларда икки томонлама манфаатли ҳамкорлик кўлами мамлакатларимизнинг алоҳида минтақалари, чегарадош ҳудудлар миқёсида ҳам тобора юксалиб бораётгани қувонарли, албатта. Бу борада Фарғона ва Баткен вилоятлари ўртасида ижтимоий-иқтисодий, маданият, адабиёт, санъат сингари кўплаб соҳалар бўйича ҳамкорлик кундан кунга яхшиланиб бораётгани янада қувонарлидир.

         Бугунги кунда икки вилоят ўртасида тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм каби кўплаб истиқболли йўналишларда ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ўзаро тажриба алмашиш, делегациялар ташрифи яхши анъанага айланиб бормоқда. Бунга ўтган қисқа вақт мобайнида бир неча маротаба амалга оширилган икки вилоят делегацияларининг ўзаро ташрифлари, хусусан, яқинда Фарғона вилоятида Баткен вилояти делегацияси иштирокида ташкил этилган халқаро ОАВ соҳасидаги илмий-амалий анжуман яққол мисол бўла олади.

         Ҳаётнинг кутилмаган қийинчиликлари даврида бир-бирига елкадош бўлиш, ўзаро ёрдам қўлини чўзиш халқларимизнинг эзгу фазилатлари сирасига киради. Дунёда коронавирус пандемияси кенг авж олган шу синовли кунларда ҳам Фарғона ва Баткен вилоятлари раҳбарлари кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий-санитария жиҳозларини беғараз ёрдам тариқасида жўнатганликлари халқларимиз ўртасида яқин қардошлик, қўни-қўшничилик анъаналари бардавом эканлигидан далолатдир.

         Афсуски, бугунги долғали замонамизда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихий илдизлари мустаҳкам бундай ишонч-ли ҳамкорлик, дўстона муносабатлар кенг қулоч ёзишини истамайдиганлар ҳам йўқ эмас. Глобал сиёсат юритиш орқали дунёга эгалик қилиш даъвосидаги бундай ёвуз кучлар талотўплар келтириб чиқариш ва шу йўл билан тинч ҳаётни издан чиқаришни ўйлайдилар.

         Аммо ҳаётнинг кўп яхши-ёмон кунларини бошидан ўтказган, ҳар қандай вазиятга оғир-вазминлик билан баҳо берадиган икки халқ бу каби алдовларга осонликча алданиб қолмайди. Ота-боболаримизнинг қўлида ҳамиша гулқайчи, кетмон, чўпон таёғи бўлган. Деҳқончилик ва чорвачилик юмушлари билан элнинг ризқ-насибаси бутун бўлишини таъминлаш бизга аждодлардан мерос анъана. Асрлар мобайнида сайқалланиб, кўҳна тарих ва замонавий тараққиёт мезонларини ўзаро уйғунлаштириб келаётган ҳаётбахш қадриятларимиз бугунги кунда ҳам изчил давом этмоқда.

         Биз дунё халқларига тинчлик тилайдиган ва шунинг баробарида ўз юртимизда тинч-фаровон умргузаронлик қилишни истайдиган жаннатмакон диёр фарзандларимиз. Шу боис имон-эътиқодда собит ўзбек ва қирғиз халқи турли финта-иғволарни мардонавор енгиб ўтиб, ҳамиша бир-бирларига ёруғ юз билан пешвоз чиқишларига ишонамиз.

         Донишманд халқларимиз ҳар қандай мураккаб ва синовли вазиятда барчасини энг олий ҳакам бўлган вақтнинг ҳукмига ҳавола этишни маъқул кўради. Чунки барчасига вақт энг одил ва холис баҳони беради. Шу билан бирга бу каби вазиятда ҳеч биримиз жараённинг шунчаки кузатувчиси эмас, балки фаоли ва фидойиси бўлиб тинч-осойишта ҳаётимизни кўра олмайдиганларга қарши биргаликда курашишимиз лозим.

         Жаннатмакон шу ота юрт бизнинг она-Ватан, бизнинг келажагимиз! Ўз тақдири ва келажагига бефарқ бўлишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Муҳаммаджон Обидов,

“Фарғона ҳақиқати”-“Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Адилбек Акматов,

“Баткен таяни” вилоят газетаси бош муҳаррири.

Энахон Сиддиқова,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Фарғона вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон халқ шоири, сенатор.

Абдилаат Доров,

Қирғизистон Республикаси

Ёзувчилар уюшмаси Баткен вилояти бўлими раиси, шоир.

Мушарраф Қўчқарова,

Фарғона вилояти қирғиз

миллий маданий маркази раҳбари.

Эльдиёр Комилжонов,

Баткен вилояти қирғиз-ўзбек

маданият маркази раиси.

Илҳом Иброҳимов,

Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи.

Дилфуза Дадабоева,

ҳофиза.

Зуҳра Алиева,

“Қува ҳаёти” газетаси

бош муҳаррири, шоира.

Аскар Ражабалиев,

Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси, ёзувчи.

Мансур Парпиев,

Қирғизистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият арбоби.


ДИЛ ЯҚИН,

ТИЛЛАР ЯҚИН…

Ўзбегу қирғиз элин тақдир деган уммони бир,

Эътиқод иймонда собит, ҳам еру осмони бир.


Дил яқин, тиллар яқин, қондош-қариндошдир азал,

Саждагоҳи – қибласи бир, жойнамоз, Қуръони бир.


Тўйу тадбирларда ёпгай бир-бирига зар чопон,

Урфу одатларда хослик – меҳмону мезбони бир.


Роҳатин меҳнатда билгай чорвадор, деҳқон элат,

Ҳар баҳор йўқлаб келар қалдирғочин айвони бир.


Бу қадим дўстлик қўшиқдир, бу қадим дўстлик – ғазал,

Бири устоз, бири шогирд куй-ўлан, достони бир.


Қирғизу ўзбек азалдан турк элин авлодидир,

Оға-ини, дўст-биродар, завқи бир, армони бир.


Бир ариқдан сув ичиб келгай мудом бу эл-элат,

Чунки ёв рахна сололмас дил деган қўрғони бир.


Дил яқин, тиллар яқин, қондош-қариндошмиз азал,

Дину иймон аҳли борки, қибласи, Қуръони бир.


                                                Зуҳра Алиева