САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ
2024-09-23 17:41:46 131
Савол беринг, жавоб берамиз
Савол: Ходим 8 йил давомида таътил олмаган бўлса, унинг 8 йиллик таътили компенсация қилинадими?
Жавоб: Йўл қурилиши соҳасида раҳбар сифатида ишловчи бир обуначимиз 8 йил давомида меҳнат таътили олмаганини, бугунги кунда у билан меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг унга фақат охирги икки йил фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўланмаётганини ёзиб мурожаат қилишибди.
Меҳнат кодексининг 234-моддасининг биринчи қисмига асосан Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади. Яъни фойдаланилмаган таътил қанча бўлишидан қатъий назар у 8 йил бўладими 10 йил бўладими пуллик компенсация тўлаб берилиши лозим.
Бу ерда иш берувчи эътибор қилиши керак бўлган бир нечта ҳолатлар мавжуд.
Биринчидан, бир нарсани эътиборга олиш лозим бу ерда ходим билан меҳнат шартномаси қайси асосга кўра бекор қилинаётганининг аҳамияти йўқ. У хоҳ иш берувчининг ташаббуси билан бўлсин, хоҳ ходимнинг ташаббуси билан ваёки томонларга боғлиқ бўлмаган ҳолатда бўлсин пуллик компенсация тўланади.
Иккинчидан, cаккиз йиллик меҳнат таътилининг компенсация пулини ҳисоблашда 8 йил аввалги ойликдан эмас балки бугунги кундаги ойлик маошдан келиб чиқиб ҳисобланади.
Учинчидан, саккиз йиллик фойдаланилмаган таътилни ишчи ишлаётган даврда компенсация қилиб бўлмайди. Бу ҳолатда фақат таътилни қисмларга бўлган ҳолда бериш орқали иш жараёнида таътил масаласидаги компенсациядан қутулиш мумкин.
Бизнинг вазиятимизда ходимга 8 йиллик фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўланмаётган бўлса ходим нима қилиши керак. Аввало бу вазиятда ходим судга ариза билан мурожаат қилиши керак, албатта даъво муддатини ўтказиб юбормаган ҳолда. Меҳнат кодексининг 560-моддасига асосан бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой ичида судга мурожаат қилиши мумкин.
Ўктамжон Эргашев – Сўх тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook |
Telegram |
Telegram murojaat |
Youtube |
Instagram