Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 21 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий таълимнинг аҳамияти

×

 2020-01-28 14:24:15    70

PDF yuklash
Chop etish


Коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий таълимнинг аҳамияти

Коррупцияга қарши кураш ҳар қандай давлат жиноят-ҳуқуқий сиёсатининг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Айрим мутахассислар коррупция деганда порахўрлик жиноятлари билан боғлиқ пора олиш ва бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш каби ижтимоий хавфли қилмишлар тушунилишини таъкидлашса, бошқалар эса уни мансабдорлик жиноятлари билан боғлашади. Шундай бўлсада, коррупция ижтимоий хавфли хусусият касб этиб, у фуқаролар билан давлат ўртасида ишончсизлик пайдо бўлишига олиб келади.

Коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш эса бу турдаги жиноятларнинг асосий сабабларидан бири аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятининг етарли даражада ривожланмаганлиги, ҳуқуқий таълимнинг заифлиги билан боғлиқлигини кўрсатмоқда. Чунки берувчи бўлмаса, олувчи ҳам бўлмайдида!

Эркин ва демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини, шунингдек, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш ҳар доим долзарб вазифалардан бири ҳисобланиб келган. Шундай экан, мазкур тушунчалар ҳуқуқий таълим жараёнида вужудга келади ва такомиллашади.

Шунга кўра, ҳуқуқий таълим деганда, нафақат махсус таълим муассаларидаги, балки, таълим тизимининг барча босқичларига хос бўлган билим олишни тушуниш лозим. Жумладан, ҳуқуқий таълим нафақат юридик кадрларни тайёрлашда, балки, бутун аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини оширишга қаратилади.

Маълумки, юридик таълим ҳуқуқий таълимнинг бир шакли бўлиб, у ҳуқуқий таълимдан кўра торроқ тушунча ҳисобланади. Ҳуқуқий таълим юридик коллеж ва лицей ёки юриспруденция йўналишидаги олий ўқув юртларида эмас, балки таълимнинг ҳар қандай босқичида – мактабгача таълим муассасалари, ўрта-махсус билим юртлари ва барча олий ўқув юртларида амалга оширилади.

Ўз навбатида, коррупцияга қарши кураш ўз ичига нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига тааллуқли, балки бутун жамият аъзоларининг ҳамкорликдаги иштирокини талаб этувчи кўпқиррали мураккаб жараён бўлиб, комплекс чора-тадбирлардан иборат.

Ушбу чора-тадбирлар орасида, шубҳасиз, ҳуқуқий таълим етакчи ўрин эгаллайди. Зеро, Президентимиз Ш. М. Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган маросимдаги маърузасида: “Жамият ривожига ғов бўлаётган яна бир иллат – бу коррупция балосидир. Бундай хатарга қарши курашиш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни тезроқ амалиётга жорий этиш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Буларнинг барчаси ўз навбатида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, халқимизнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади” деб таъкидлаганлар.

Дарҳақиқат, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этиш кўп жиҳатдан ҳуқуқий таълим беришда намоён бўладиган ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш билан боғлиқ. Ҳуқуқий маданият даражаси қабул қилинган қонунлар сони ёки уларнинг сифати билангина эмас, балки уларни оғишмай бажариш билан ҳам белгиланади. Энг мукаммал қонун ҳам, агар у амалда бажарилмаса, ҳеч қандай қимматга эга бўлмайди.

Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқдир. Юксак ҳуқуқий маданият – демократик жамият пойдевори ва ҳуқуқий етуклик кўрсаткичи бўлиб, фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини юксалтирмасдан туриб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигига эришиш мушкул. Аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий онги, маданияти, билими даражасини оширишни эса ҳуқуқий таълим ва тарбияни таъминламасдан, уни амалиётда тўғри, тизимли йўлга қўймасдан туриб эришиб бўлмайди.

Биз, бугун, коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий таълимнинг аҳамияти, хусусан, аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Маълумки, коррупцияга қарши самарали курашиш мақсадида қатор халқаро ташкилотлар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Бутунжаҳон божхона ташкилоти ва бошқалар томонидан қабул қилинган халқаро ҳужжатларда коррупциянинг халқаро миқёсдаги зарарли таъсири ва оқибатлари, унга қарши кураш олиб боришнинг зарурлиги ҳамда йўллари тўғрисида тавсиялар берила бошланди.

Бу борада мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш бўйича амалга ошириб келинаётган чора-тадбирлар орасида ҳуқуқий таълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги Президент қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 13 июндаги “Ёшларнинг ҳуқуқий таълимини такомиллаштиришнинг Комплекс дастури тўғрисида”ги, 1997 йил 29 августдаги “Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури”, 1998 йил 29 майдаги “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ҳам қабул қилинди.

Қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда:

- мамлакатда ҳуқуқий таълим ва маърифатни тубдан яхшилашга, ҳуқуқий билимларни жамиятда тарғиб этишга қаратилган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури лойиҳасини тайёрлаш;

- коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бўйича махсус ўқув дастурини ишлаб чиқишни ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши курашишга оид мавзуларни янада кучайтиришни назарда тутадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат таълим стандартларига киритиш;

- давлат органлари ходимлари ва таълим муассасалари ўқитувчиларини ўқитиш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурларига коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ўқув дастурлари ва машғулотларини олиб боришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва бошқалар белгиланган.

Ўз навбатида, коррупцияга қарши курашишда фуқароларнинг юқори даражадаги ҳуқуқий саводхонлигига эришиш жараёни қуйидаги учта усул ва воситалар, яъни ҳуқуқий тарғибот, ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий таълим ёрдамида амалга оширилишини қайд этиш лозим.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки коррупцияга қарши курашиш ҳамда уни олдини олишда нафақат мансабдор шахс ёки давлат хизматчисини, балки бутун аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Миллий қонунчиликнинг янгиланиши билан боғлиқ нормаларни ҳуқуқий мушоҳада қилиш, ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш эҳтиёжини аниқлаш аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онгини тубдан ўзгаришини талаб этади.

Ҳуқуқий саводхонлик ва билимларни амалий ҳаётда қўллай олиш кўп жиҳатдан ҳуқуқий таълимнинг мазмун-моҳиятига боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳуқуқий таълим ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қилишини таъминлашнинг зарурий шарти ва асосий омилларидан бири ҳисобланади. Бу эса ёшларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришнинг муҳим омили бўлган ҳуқуқий таълимни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнларни мунтазам ўрганиб бориш, илмий таҳлил қилиш ҳаётий-амалий аҳамиятга эгалигини кўрсатади. Бунда ҳуқуқий таълим-тарбия, ҳуқуқни ўқитиш, ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқий билим, кўникма ва малаканинг ўрни билан алоқадор масалаларни ўрганиш муҳимдир.

“Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури”да қайд этилишича, “ҳуқуқий таълим узлуксиз бўлиб, ёшликдан бошлаб бериб борилиши лозим. Болалар мактабгача тарбия муассасаларидаёқ хулқ-атвор қоидаларидан хабардор бўлиши, маънавий ва баъзи ҳуқуқий нормалар тўғрисида бошланғич тушунчалар олиши, келгусида ўқув жараёни давомида бу билимлар кенгайтирилиши ва чуқурлаштирилиши, аниқ ифодаланган ҳуқуқий хусусият касб этиши зарур”[1].

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–1990-сонли Қарори мамлакатимизда демократик давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва замонавий халқаро стандартларнинг юксак талабларига жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда миллий ҳуқуқий таълимни янги босқичига олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қарор юридик таълим соҳасини ислоҳ қилиш ва бу соҳани мамлакатда ўтказилаётган демократик ва ҳуқуқий ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг юксак талабларига мослаш ҳамда замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бизнингча, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, биринчи навбатда, ҳуқуқий таълимга боғлиқ бўлиб, қуйидагиларда намоён бўлади:

Биринчидан,шахснинг ҳуқуқий хулқ-атвори ҳуқуқий онг билан бевосита боғлиқ бўлиб, ҳуқуққа бўлган руҳий муносабати ҳисобланади. Ҳуқуқий онг таркибида тушунча, тассавур, баҳолаш, фикр юритиш каби жараёнларнинг ҳуқуқ нормаларигина шаклланиб қолмасдан, балки ҳуқуқий тизимнинг турли соҳалари (ҳуқуқ ижодкорлиги, ҳуқуқий амалиёт, суд, суд жараёни, жазо тайинлаш, адлия органлари хизмати, прокуратура ва бошқалар) билан ҳам боғланган.

Иккинчидан,шахс ҳуқуқий онгининг ривожланиши мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг келажагига таъсир этади. Чунки, ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг зарурлигини, ундан оқилона фойдаланиш лозимлигини англаш, амалдаги қонун ҳужжатларининг мавжуд ижтимоий муносабатларга мос келиш-келмаслигини аниқлаш ва уларга баҳо бера олиш, ҳуқуқий қоидаларни ўрнатиш ва амалда татбиқ этиш ҳуқуқий онг даражаси билан боғлиқ.

Учинчидан,шахс ҳуқуқий онгининг шаклланиши ҳуқуқий таълим, ҳуқуқий саводхонлик, ҳуқуқни ўқитиш, ҳуқуқий билим, кўникма ва малаканинг даражаси билан белгиланади. Шахс ҳуқуқий таълим орқали ҳуқуқ асосларини, унинг асосий нормаларини билиб олади. Шундагина ҳуқуқий тарбиянинг мураккаб вазифалари бўлган: таълим олувчиларга ўзининг хатти-ҳаракатларини баҳолаш, ўзга шахсларнинг ҳуқуққа муносабати ҳақида фикр билдириш, ҳуқуқий билимларни ҳаётга татбиқ этиш кўникмаларини ҳосил қилиш, қонунга риоя этишни шакллантириш, ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасизликни тарбиялашга эришилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, жамиятда ҳуқуқий таълимнинг тизимли ва узвий олиб борилиши, унинг асосида аҳолининг ҳуқуқий онги, маданияти ва саводхонлигининг юқори савияга кўтарилиши коррупцияга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади ва унинг сезиларли даражада пасайишига хизмат қилади.

   Зайниддин Жўраев – Сух тумани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси



[1]Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси. - 1997. – № 9. – 227-модда.