Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 13 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ИЛМ-МАЪРИФАТ, ҲАЛОЛЛИК ВА САДОҚАТ БИЛАН СИНОВЛАРДАН ЎТАМИЗ!

×

 2020-01-27 17:12:09    56

PDF yuklash
Chop etish


ИЛМ-МАЪРИФАТ, ҲАЛОЛЛИК ВА САДОҚАТ БИЛАН СИНОВЛАРДАН ЎТАМИЗ!

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мурожаатномаси кенг жамоатчилик томонидан яқиндагина бўлиб ўтган янги сайловларнинг ижтимоий-сиёсий самараси сифатида қабул қилинди, десам янглишмаган бўламан. Халқимиз хоҳиш-иродаси билан шакллантирилган янги Парламент фаолияти ҳаётимизни юксалтиришига, юртимизда илму маърифат ва маданиятни ривожлантиришга хизмат қилишига ҳам ишонаман. Сабаби, мурожаатномада Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутати олдидаги аниқ вазифаларни бирма-бир санаб ўтди. Айнан ўз сайлов ҳудуди шароитини ҳисобга олган ҳолда “йўл харита” ишлаб чиқиш, жойлардаги Президент халқ қабулхоналари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш, жамиятда коррупцион иллатларнинг олдини олишда фаоллик кўрсатиш, рақамли иқтисодиётни жорий этиш ислоҳотларида ташаббускор бўлиш сингари муҳим топшириқлар депутатнинг дастуриламалига айланиши шарт.

         Мурожаатномадан ўзим учун жуда кўп ҳикмат топдим. Дарҳақиқат, миллий юксалишга илму фан тараққиёти, маърифат ва тарбияни ривожлантириш орқалигина эришилади. Илм бўлмаган макон ёки соҳада қолоқлик ҳукм суради, жаҳолат палак отади. Юксалишга эса кучли ўйланган ва халқ келажаги кўзланган тарбиявий сиёсат билангина эришиш мумкин. Шунинг учун ҳам Президент бугун “боғчадан – олий таълимгача” тарбия сиёсатини ўртага ташламоқда. Профессионал таълимни йўлга қўйиб, янги техникум ва хорижий олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш лозимлигини муҳокамага қўймоқда. “Таълим-кредит” модулини жорий этиш таклифини илгари сурмоқда. Коррупциянинг оқибати билан эмас, шу вақтгача кўздан четда қолиб келаётган салбий шароитлари билан курашиш учун соҳавий рақамли иқтисодиётни тезроқ жорий этиш ҳақида қайғурмоқда. Илм-фан соҳасидаги кадрлар бўшлиғини эса математика, кимё, биология ва геология бўйича замонавий лабораториялар, хорижий илмий марказлар иштирокидаги тадқиқотлар ва қўшимча грантлар билан тўлдириш кераклиги ҳақида бонг урмоқда.

         Мурожаатномада кўплаб соҳаларга оид аниқ таҳлиллар ва жиддий вазифалар тилга олинди. Масалан, фуқаровий ҳуқуқлар борасида паспорт бериш ва “прописка” муаммоларининг янги ечимларини амалиётга жорий этиш, жамоатчилик назоратининг концептуал босқичи, судлар мустақиллигида туб бурилиш, давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, солиқ юкини камайтириш ва тадбиркорлик соҳасидаги мораторий, алоҳида қатламлар билан умуминсоний ижтимоий муҳофаза, туризмнинг янгича механизмлари, қишлоқ хўжалиги тизимида бошқарувни либераллаштириш ва чорвачиликни ривожлантириш, саноат маҳсулотлари экспорти, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, миллий маънавиятимизни юксалтириш, экологик ҳуқуқ йўналишида қонунчилик ташаббуси каби масалалардаги муаммоларнинг тайёр ечимлари таъкидланди.

         Лекин анжуманда бир нарсани аниқ ҳис этдим: Президент дилидан ўтказган ва тилга олган ҳар бир масала аслида кимнингдир муаммоси, қайсидир соҳа вакилини қийнаган оғриқли нуқтаси, умуман, бу – халқ дарди эди.

         Албатта, бу муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлмайди, ўзимиз ҳал этмасак, четдан биров келиб ҳал этиб бермайди. Жойлардаги ижро ҳокимияти, давлат ва жамоат идоралари масъуллари, маҳаллий кенгашлар ва энг муҳими, Олий Мажлисдаги халқ ноиблари – барча-барча бирдек ҳаракат қилса, эл дардини ўз дардидек билиб ҳалоллик ва садоқат билан хизмат қилса, бу синовлардан ўтамиз, албатта, натижага эришамиз. Зеро, Муҳтарам Президентимиз қатъий таъкидлаганидек: “2020 йил ҳаммамиз учун синов ва масъулият йили бўлади!”.

Умиджон Жабборов – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

                                      Қонунчилик палатаси депутати