Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 19 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

10 январь санаси тарих саҳифаларида

×

 2020-01-10 09:16:04    116

PDF yuklash
Chop etish



10 январь 2001 йил - Солиқ академияси, Солиқ ва божхона органлари академияси сифатида ташкил этилган кун

            Солиқ академияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Солиқ академияси (Кичик ҳалқа йўли, 3) – солиқ тизимига юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юрти. 2001 йил 10 январда Солиқ ва божхона органлари академияси сифатида ташкил этилган. 2003 йил 23 майда Олий ҳарбий божхона институти ташкил этилиши муносабати билан қайта номланиб, Ўзбекитсон давлат солиқ қўмитаси тасарруфига киритилган.

            Солиқ академиясида солиқлар ва солиққа тортиш йўналиши бўйича бакалаврлар, солиқлар ва солиққа тортиш, давлат солиқлари ва йиғимлари ҳамда маҳаллий солиқлар ва йиғимлар мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрланади, солиқ тизими ходимларининг малакаси оширилади.

            Солиқ академиясида солиқлар ва солиққа тортиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетлари, 10 кафедра, 9 та бўлим, Ахборот-ресурс маркази фаолият кўрсатмоқда. 2006/07 ўқув йилида 58 та профессионал-ўқитувчи, шу жумладан, 6 фан доктори, 24 фан номзоди ва доцентлар ишлади.

            Академия фаолияти давомида 254 бакалавр ва 48 магистр тайёрлади. Ҳар ой 250 нафар солиқ тизими ходими малакаси оширилади. Ўқув қўлланмалари, дастурлар, илмий ва методик қўлланмалар нашр этилади.

10 январь 1978 йил - Ўзбекистонлик космонавт-учувчи Владимир Жонибеков космосга биринчи марта парвоз қилган кун

           Жонибеков Владимир Александрович 1942 йил 13 майда Тошкент вилояти Искандар қишлоғида туғилган. Учувчи-космонавт, авиация генерал-майори (1985). Икки марта Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган (1978,1981). Монголия Халқ Республикаси Қаҳрамони (1981). Тошкент Суворов билим юртини (1960). Ейск (Россия Федерацияси) учувчилар тайёрлаш олий авиация билим юртини (1965) тугатган. 1970 йилдан космонавтлар отрядида. Жонибеков 1985-88 йилларда Космонавтлар тайёрлаш маркази (КТМ) да космонавтлар отрядининг командири, 1988 йилдан КТМ Назарий ва илмий техник тайёргарлик бошқармаси бошлиғи. Биринчи космик парвозини 1978 йил 10-16 январда  “Союз-27” КК (кема командири) (О.Г.Макаров билан бирга) ва “Салют-6” – “Союз-26”(экипаж Ю.В.Романенко ва Г.М.Гречко) – “Союз-27” орбитал мажмуада бажарган. Ерга “Союз-26” Космик кемада қайтган.

    Жонибеков тасвирий санъат билан ҳам шуғулланган. Унинг космос мавзудаги баъзи расмлари бадиий кўргазмаларда намойиш қилинган. Помир-Олой тоғларидага мутлақ баландлиги 4912 м бўлган чўққи “Владимир Жонибеков чўққиси” деб аталган (1985). Тошкентдаги Космонавтлар хиёбонида Жонибековга бюст ўрнатилган (1984).

10 январь 1863 йил - Лондонда дунёда биринчи метро очилган кун

            Лондонда биринчи метро 1863 йил 10 январда очилди. Бу метрони “Metropolitan Railway” корхонаси ишлаб чиқарилган. Метро-поездлари темир йўл бўйлаб, буғ кучи ёрдамида ҳаракатланган. Бу метрополитеннинг узунлиги 3,06 км бўлиб, 7 та бекатдан иборат эди. Поездлар кўмирда ишлаган, шу сабабли йўловчиларнинг юзлари қурумдан қорайишига қарамай, метро Британия пойтахт аҳолисига жуда маъқул келган. Транспортнинг янги туридан биринчи куннинг ўзидаёқ 30 мингга яқин одам фойдаланган.

10 январь 1927 йил - “Метрополис” номли овозсиз фильм тақдимоти бўлиб ўтган кун

             1927 йил 10 январда Берлиндаги UFA-Palast-amZOO кинотеатрида режиссёр Фриц Ланганинг “Метрополис” номли овозсиз фильм тақдимоти бўлиб ўтган.

          Берлиндаги UFA-Palast-amZOO кинотеатрида режиссёр Фриц Ланганинг “Метрополис” номли овозсиз фильм тақдимоти бўлиб ўтган.   Кинотасма Ланганинг иккинчи рафиқаси бўлган Теа Габриела фон Харбоунинг сценарийси асосида суратга олинган ва кинонинг кейинги ривожланишига катта таъсирини кўрсатган. Бу фильмнинг парчаларини жангари ҳисобланган “Юлдузлар жанги” ва “Матрица” фильмларида ҳам учратиш мумкин. Воқеа “хайтек” усулидаги 2 қисмга ажратилган катта шаҳарда 2027 йилда содир бўлади: ажойиб юқоридаги – ҳаёт эгалари ва ерости, яъни ишлаб чиқарувчи – ишчилар учун. Бу ҳодисалар замирида мулкдор ўғлининг камбағал бир қизга бўлган муҳаббати тасвирланади ва  айнан шу қиз  “пастки шаҳар”даги болаларни Метрополис ҳаёт меъёри тизимини қулаши натижасида камбағаллар тўнтарилишида  ҳалок бўлишдан  қутқаради.

10 январь 1929 йил - Тэнтэннинг саргузаштлари ҳақида комикснинг биринчи серияси нашр этилган кун

            Брюсселда «Le Vingtieme Sie’cle» («Двадцатый век»)  газетасининг болаларга мўлжалланган «Le Petit Vingtie’me» ( «Двадцатничка») ҳафталик иловасининг 11-сони нашр этилган. Айнан газетанинг шу сонида бойскаут- муҳбир Тэнтэн ва унинг ёрдамчиси билағон оқ фокстерьер Милу саргузаштлари ҳақида қизиқарли комикснинг биринчи серияси нашр этилган. Илованинг бош муҳаррири ва рассоми  Жорж Реми комиксни ўйлаб топган ва расмларини чизган – Эрже тахаллуси остида.Бу тахаллус унинг инициалларидан иборат бўлиб,  ортга қараб ўқиганда (R)emi  (G)eorges. “Тэнтэннинг саргузаштлари “ ярим асрдан буён  Европада жуда машхурдир, 58 та тилларга таржима қилинган. 200 миллионга яқин  нусхада нашр этилган.1976 йили  Брюсселда Тэнтэн ва унинг итига ҳайкал қўйилган ва бу ҳайкал Бельгия пойтахтининг рамзига айланган.


10 январь 2014 йил - Гонконгда ўтказилган xалқаро Кубокда Владимир Тўйчиев совриндор бўлди

            Велоспорт бўйича xалқаро мусобақалар ғолиби ва бир неча бор Ўзбекистон чемпиони Владимир Тўйчиев Гонконгда ўтказилган xалқаро Кубок баҳсининг жамоалар ўртасидаги велотрек пойгасида (елит туркумида) очколар бўйича учинчи ўринни эгаллади. 

            10-12- январ кунлари бўлиб ўтган мазкур xалқаро мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Владимир Тўйчиев, Дмитрий Лазовой, Тимур Гумеров, Алла Безуглова ва Екатерина Кнебеловалар қатнашишди.

            Xалқаро велосипедчилар уюшмаси (УСИ) таснифи бўйича, Гонконг Кубоги «Сласс 1» категориясига тўғри келиб, унда иштирок этган спортчилар ҳам миллий терма жамоа, ҳам шаxсий ҳисобдаги очколар рейтингини ошириш имконига эгадирлар.

            Гонконг Кубогида ўнта мамлакат вакиллари қанташдилар. Ўзбекистон велоспортчилари скретч, омниум ва очколар бўйича гуруҳ пойгаларида баҳс олиб боришди.


10 январь 1905 йил - Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллуд топган кун

ОЙБЕК

(1905-1968)

            ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад  ўғли Ойбек 1905 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрида, бўзчи оиласида дунёга келди.

            Олдин ўрта мактабда, 1922-1925 йилларда эса Тошкент таълим ва тарбия техникумида таҳсил олди. Сўнгра Ўрта Осиё Давлат университетининг ижтимоий фанлар факултетида ўқишини давом эттирди. 1930 йили университетни тугатиб, шу ерда сиёсий иқтисоддан дарс берди.

            Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган «Туйғулар» шеърий тўплами билан кириб келган. Шоирнинг «Дилбар - давр қизи» (1931), «Ўч» (1932), «Бахтигул ва Соғиндиқ», «Темирчи Жўра» (1933) достонлари ўз даврининг шеърий йилномаларидир. У тарихий ва замонавий мавзуларда йигирмага яқин достонлар яратган. Ойбек шеърияти ниҳоятда гўзал бўлиб, ўзининг содда, равон ва ифодали тилда, бой ва ранг-баранг тасвир санъат воситаларида яратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, «Қуёш қўшиғи» шеърида:

              Қуёш, нуринг тўкавер мўл-кўл!

             Баҳор, кетма, бизнинг бошлардан.

             Юртимизда қолмасин дашт-чўл,

             Чаман кулсин ҳатто тошлардан!

 Ёки:

            Ёр кетди, кўзим булоғи қолди,

           Сийнамда тирик фироқи қолди.

           Ишқ хотираси каби сочимнинг

           Ёшликда кўпайган оқи қолди...

                                                 дейди.

            Ойбек моҳир шоир бўлгани каби етук романнавис ҳам эди. У яратган «Қутлуғ қон», «Навоий», «Улуғ йўл», «Олтин водийдан шабадалар», «Қуёш қораймас» каби эпик полотнолар ўзбек реалистик романчилиги тараққиётида муҳим бир даврни ташкил этади.

            Ўзбек халқининг 1916 йилги миллий озодлик қўзғолони ёзувчининг «Қутлуғ қон» (1940) романида зўр маҳорат билан реалистик ифодаланган бўлса, «Навоий» (1944) романида ўзбек адабиётида биринчи бўлиб улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий образи яратилган.

            Унинг «Олтин водийдан шабадалар» (1949) асарида халқимизнинг урушдан сўнгги даврдаги яратувчилик меҳнати, «Қуёш қораймас» (1958) романида Иккинчи жаҳон уруши фожиалари ўз ифодасини топган. Адибнинг «Улуғ йўл» (1977) асари эса «Қутлуғ қон» романининг мантиқий давоми бўлиб, унда ёзувчи халқ миллий онгининг шаклланишини кўрсатишга интилган.

            Ойбек 1949 йилда Покистонга саёҳат қилган. Адиб қардош халқ ҳаётини, кураш ва интилишларини «Покистон хотиралари» очерклари, қатор шеърлари, «Зафар ва Заҳро», «Ҳақгўйлар» достонларида, ниҳоят, «Нур қидириб» қиссасида тасвирлаган.

            Адибнинг «Болалик хотираларим» автобиографик қиссаси 1963 йилда яратилган. Қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо, яъни Ойбекнинг ўзидир.

            Ойбек истеъдодли шоир, йирик ношир бўлибгина қолмай, машҳур олим, публицист, танқидчи, таржимон ва жамоат арбоби ҳамдир. Ўзбек китобхони Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романини, Лермонтовнинг «Маскарад», Молернинг «Тартюф» драмаларини, шунингдек, антик адабиёт намуналарини Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган.

            Ойбек 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланган ва 1950 йилгача академияда ижтимоий фанлар бўлимининг раиси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби бўлиб ишлаган. У юқори малакали филологлар тайёрлашга катта ҳисса қўшган устоздир.

            Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти лауреати унвонларига сазовор бўлган.

            Ёзувчи асарлари ўзбек адабиётининг жаҳонаро шуҳратини янада оширди. Устоз маҳорати ёш ёзувчилар учун ижод дорилфунунига айланди. Ойбекнинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мустаҳкам ўрин олди ва умумхалқ мулки бўлиб қолди.

            Ойбек 1968 йил 1 июлда 63 ёшида вафот этган. Вафотидан сўнг унинг 20 жилдлик  тўла асарлари мажмуаси нашр этилган.

            Адиб истиқлол даврида «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган (2000).

                        Манба: http://taqvim.uz/uzc